Мамлакатимизда бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини янада ривожлантириш, аҳолининг кенг қатламини, хусусан, ёшларни бадминтон спорт тури билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, юқори малакали тренер кадрларни тайёрлаш тизимларида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур спорт турлари билан шуғулланувчилар учун шарт-шароитлар яратиш, ушбу спорт турининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт анжомлари билан таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 5 ноябр куни “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Қарорга асосан, 2021–2022 йилларда юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Эндиликда юриш ва югуриш бўйича – “Tashkent Marathon”, “Samarkand Half Marathon” ва “Zaamin Ultra” халқаро марафонлари, “Sky Camp Bostanliq” триатлон ва йога марафонлари, турли масофаларга югуриш бўйича “Янги рекордлар сари!”, “Барча рекордлар бизники!” каби, мини-футбол бўйича – “Янги Ўзбекистон ёшларимиз”, “Соғлом оила – Янги Ўзбекистон таянчи”, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида “Раҳбар кубоги” спорт мусобақалари ҳар йили ўтказилади.
Шунингдек, ҳар йили бадминтон бўйича – умумий ўрта ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Баҳор маликалари”, “Бадминтон лигаси”, давлат ва нодавлат ташкилотларининг ходимлари ўртасида “Раҳбар кубоги” ҳамда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида “Имкониятингиздан кўпроғини бажаринг!” мусобақалари ташкил этилиши белгиланди.
Стритбол ва “Workоut” бўйича ҳам йиллик дастур тасдиқланди. Унга мувофиқ “Рекорддан – янги рекордга!” ва “Гиёҳванд моддаларга қарши!”, “Муҳими ғалаба қозониш эмас, балки қатнашиш!”, “Қишлоғинг учун ғалаба қозон!”, “Соғлом танда – соғлом фикр!” каби мусобақалар ўтказилади.
Қарорга кўра, 2021–2025 йилларда ҳудудларда бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турлари учун 1 минг 164 та спорт майдончалари ташкил этилади.
UzA
